Мазкур мақола замонавий Кувайт адабиётида ўзининг салмоқли ўрнига эга бўлмиш истеъдодли адиба Фотима Юсуф Али ижодида аёллар руҳияти масаласига бағишланган бўлиб, унда ёзувчининг “Та марбута” ҳикоялар тўпламидан ўрин олган баъзи ҳикояларини таҳлил этиш асносида адибанинг бадиий-услубий маҳорати талқин этилади. Адиба қандай мавзуни танламасин, унда асосан араб аёлининг жамиятда ва оилада тутган мавқеи ҳамда ижтимоий ҳолати орқали руҳий оламини очиб бериш марказий ўринни эгаллайди. Ҳикоялар билан танишиш жараёнида биз муаллифнинг аёл ҳаётига, аёл аҳволини яхшилашга қаратилган асосий мақсадини англаймиз. Аёл аслида нозик ҳилқат аммо шу билан бирга улкан сабр-бардош, матонат соҳибаси эканлиги нозик чизгилар орқали Фотима Юсуф Али ҳикояларида ўз инъикосини топади. Ҳикоялар бадиий жиҳатдан ўз маромига етқазилгани ҳолида, унда турфа бадиий-услубий воситалар, образлар тизими, баёнчилик маҳорати, аёл шахсиятидаги психологизм билан боғлиқ масалалар етакчилик қилади. Шунингдек, ҳикоялардаги асосий қаҳрамонларнинг моҳияти уларнинг нутқи, монологлари асосида, портрет характеристикаси орқали намоён бўлади. Персонаж нутқини индивидуаллаштириш орқали эса унинг шахсияти, дунёқараши, руҳияти ҳақида маълумот беради. Ҳикоячининг персонажга айланиши ёки ҳикоячи персонаж ва муаллиф нутқининг чатишиш ҳодисалари, диалогларнинг фусха, яъни араб адабий тилида берилиши, ажнабий сўзларнинг истифода қилиниши – буларнинг бари адиба маҳоратининг бир қиррасидир. Ёзувчи ҳикояларидаги воқеалар ҳаётий тус олишига, турмуш ҳақиқатига мос келишига алоҳида эътибор қаратади, миллий хусусиятларни, миллий калоритни айнан, кувайтликларга хос бўлган ўзига хосликларни синчковлик билан ҳаққоний тарзда акс эттиради. Фотима Юсуф Али ҳикоялари асосига олган ҳаётни образли ўзлаштирди, унинг оригинал бадиий манзарасини яратишда истеъдоди, ижодий мустақиллиги, ўзига хослиги билан ҳаётий факт ва ҳодисаларни, инсоний муносабатларни янгича талқин қилди ва бунинг натижасида Кувайт адабиётида ўз овози, ўз услуби, маҳоратини яратди.
Мазкур мақолада маркетинг самарадорлигини аниқлаш ва баҳолашнинг назарий масалалари, маркетинг самарадорлигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича ёндашувлар шарҳи, муаллиф томонидан таклиф этилаётган услубият ёритилган.
Ушбу мақола Қатар замонавий бадиий насрининг ривожланиш муаммосига бағишлаган. Унда кўтарилган масалалар замонавий адабиётшуносликда тан олинган баъзи миллий адабиётларнинг “жадал ривожланиш назарияси” га мос келади. Мақолада Қатарнинг бадиий насри қисқа вақт ичида жадал ривожланиб, ўрта аср адабий анъаналаридан замонавий китобхоннинг талаби ва дидига мос келадиган асарларни яратишга ўтганлиги қайд этилади. Қатарда замонавий насрнинг ривожланиши ХХ асрнинг иккинчи ярмида ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида рўй берган улкан ўзгаришлар фонида кўриб чиқилган. Форс Кўрфази араб давлатлари - Кувайт, Баҳрайн, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Уммон, яъни Халиж араб мамлакатлари жадал иқтисодий ривожланиши даврида технологик тараққиёт туфайли жаҳон маданияти ва жаҳон адабий жараёни билан, авваламбор маданий жиҳатдан энг ривожланган араб мамлакатлари- Миср, Сурия, Ливан ва Ироқнинг адабий тажрибаси билан танишдилар. Мақолада муаллиф ҳикоя жанри мисолида заиф ва содда сюжетли, панднасиҳат билан суғорилган кичик асарлардан замонавий ҳикоя тушунчасига мос келадиган етук жанрга айланганини кузатиб таҳлил қилади. ХХ аср 70-йилларида адабиётга Иброҳим Суқр Марихи, Кулсум Жобир, Фотима Туркий каби моҳир сўз усталари кириб келдилар. Улар Қатар ҳикоя жанрининг такомиллашувига катта ҳисса қўшиб, илк бор замонавий воқеликнинг муҳим муаммоларига ўз эътиборларини қаратдилар ва уларни бадиий ифода этдилар. Муаллифнинг фикрича, ана шундай муҳим муаммолардан бири қатарлик аёлни мавқеини кўтариш, яъни ўз овозига, таълим олишга, касб танлаш ҳуқуқларига эга бўлиш муаммоларидир. Ғарб адабиёти билан танишуви туфайли Қатар ҳикояси ўз ривожланиш босқичларида модернистик тенденцияларга ҳам дуч келди. Психологизм, қаҳрамон тасвирининг турлилиги, унинг ўзига хос дунёқарашини акс эттирувчи жиҳатлари билан ажралиб турадиган ҳикоялар пайдо бўлди. “Онг оқими”, “ассоциатив фикрлаш”, “матности” каби модернистик усуллардан фойдаланиб, ёзувчилар ўз қаҳрамонининг руҳий инқирози, оғриқли маънавий изланишларини акс этдилар. ХХI аср бошларига келиб, Қатар адабиётига янги ёш авлодлар қўшилди, улар ижтимоийахлоқий масалаларга оид шу пайтгача ҳали ёндошилмаган муаммоларни кўтариб, ўткир сюжетли хикояларни яратишга ҳаракат қилиб келишди.